Сўз сеҳри

avg - /5
Authors: Tursunoy Sodiqova
Publisher: “DAVR PRESS” NMU
Year: 2009
ISBN: 978-9943-370-08-1

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли шоира, ёзувчи ва маънавият тарғиботчиси Турсуной Содиқованинг номини эшитмаган, унинг чиқишларини телевидение орқали кўрмаган, пурҳикмат сўзларини радиода эшитиб, роҳатланмаган одам орангизда кам топилса керак. Адибанинг бир-биридан маъноли, мушоҳадали китоблари дунё юзини кўриши билан қўлма-қўл бўлиб ўқилади. Таниқли адиба — сўз устаси бугун эътиборингизга ҳавола этаётган рисоласини яхши ният билан «Сўз сеҳри» деб номлабди. Ушбу китобда муаллиф сўз сеҳри ҳақида фикр юритар экан, ҳар бир инсон ўз сўзини ўйлаб гапиришини, уни тежаб, жойини топиб айтиш кераклигини алоҳида таъкидлаб ўтади. Муаллиф бир жойда шундай ёзади: «Сиз аввал ўзингизни эмас, сўзингизни кийинтиринг: одамларнинг қулоғини оғритмасин, кайфиятларига ботмасин! Мақсадга сўз билан етишни орзу қилдингизми, шундай айтингки, сўзингизни ҳаводай шимирсинлар, гул ҳидлагандай вужудлари яйраб кетсин». Тўплам кичик-кичик бўлинмалардан иборат бўлиб, уларнинг ҳар бири замирида олам-олам мазмун ётади. Ишонамизки, Турсуной Содиқованинг бу рисоласи ҳам Сиз, азизларнинг маънавий дунёқарашингизни бойитишга ёрдам беради. Китоб кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган.

You rated this book